Назм ва Наво
ШУҲРАТ ОРИФ
КУЗ ВА БАҲОР ОРАСИДА
Мовароуннаҳрдан эсган шеър насими
Яқинда Тошкентга қилган сафаримда зиёли дўстларим билан мароқли суҳбатлар қурдик. Суҳбатимиз давомида даврамизда мен танимайдиган ёш бир йигит бор эди. Ўзини тутишидан тарбияли ва одобли эканлиги сезилиб турарди. Маълум бўлишича, у шоир экан. Тортинганича, Анқара шаҳрида турк тилида нашр этилган китобини менга совға қилди. Бу шоир - Шуҳрат Орифнинг “Мовий эрк” номли шеърлар тўплами эди.
Мен бу шоирни озарбайжон ўқувчисига ҳам таништиришга қарор қилдим. Тўғри, у Озарбайжонда қисман танилган, бироқ ўйладимки, менинг қаламим орқали ҳам танишсинлар. Шу тариқа, Шуҳрат Орифнинг поэтик олами сизнинг ҳузурингиздадир.
Мароқли жиҳати шундаки, Шуҳрат Орифнинг мавзу ва ғоявий қарашлари тизимли характерга эга. Унинг поэтик тафаккурининг асосини инсон–замон–тақдир муносабатлари ташкил этади. Шоир учун шеър фақат эстетик ҳодиса эмас, балки маънавий ҳисобот, ички монолог ва тарихий хотиранинг ифодасидир.
Шуҳрат Ориф шеъриятида инсоннинг ички изтироби, хотира ва хотиранинг тақдирга таъсири, тупроқ–юрт–ватан туйғуси, маънавий ёлғизлик мотивлари етакчи ўринни эгаллайди. Шоирнинг лирик “мен”и доимо кузатувчи, фикрловчи, таҳлил қилувчи ва баъзан сукут орқали норозилик билдирувчи образдир. Бу “мен” классик романтик пафосдан йироқ бўлиб, кўпроқ ички дунёга йўналтирилган интроспектив характерга эга. Лирик субъект воқеаларни тасвирламайди, балки уларни шууридан ўтказиб, психологик-семантик таъсир яратади.
Шоирнинг тили содда, аммо маъно доираси ниҳоятда бой. У халқ тили билан бадиий тилни синтез қилади, сунъий метафоралардан ва ортиқча ифодалардан қочади. Сўз унинг учун пафос эмас, хотирадир; сўз туйғуни яширмайди, аксинча, мазмунни очади. Бу эса поэтик самимиятнинг асосий белгиларидан биридир.
Унинг поэзиясида йўл, тун, сукут, шамол, юрт каби образлар архетипик характер касб этиб, шоирнинг индивидуал поэтик дунёқарашида янги семантик ранглар олади. Айниқса, сукут ва тун образлари ички ёлғизлик ва тафаккур теранлигининг рамзи сифатида намоён бўлади.
Шуҳрат Ориф замонга тирик мавжудот сифатида муносабатда бўлади. Унинг учун вақт хронологик эмас, балки психологик ва фалсафий категория. Ўтмиш, ҳозир ва келажак бир-бирига қоришиб кетади, хотира эса поэтик матннинг асосий таркибий қисмига айланади. Бу хусусият шоирнинг шеърларини постмодерн тафаккурга яқинлаштирса-да, миллий руҳдан ажратмайди.
“Мовий эрк” китобидан ўрин олган шеърларда муаллиф асосан эркин шеър шаклига мурожаат қилади. Ички ритм ва интонация асосида қурилган поэтик тузилишда ритм қофиядан эмас, фикр оқимидан туғилади. Бу эса шеърларга янгича нафас бағишлайди.
Шуҳрат Орифнинг “Қор. Мен. Ёр” шеъри замонавий ўзбек поэзиясида кам учрайдиган минималист поэтик намунадир. Атиги уч сўз билан кенг семантик майдон яратилади:
Қор — поклик, совуқлик, сукут
Мен — ёлғиз онг
Ёр — севги, илиқлик, ўчоқ
Бу ерда совуқ ва иссиқ, ёлғизлик ва биргалик қарама-қаршилиги поэтик тарзда ифодаланади.
“Қадар имлоси; эски бир чизиқ” шеъри эса метатекстуал характерга эга. “Имло” тушунчаси ўзгартириб бўлмайдиган илоҳий ёзув — қадар сифатида талқин этилади. Бундай шеърлар соцреалистик анъанага ёт бўлиб, ўзбек миллий шеъриятининг ўз илдизларига қайтишини англатади.
Умуман олганда, Шуҳрат Ориф поэзиясида мавзу ташқи воқеалардан кўра ички муаммолар атрофида шаклланади. Шоир учун асосий поэтик объект инсоннинг ўзи эмас, балки инсоннинг замон, қадар ва хотира олдидаги мавқеидир.
Илк бор танишганим бу шоирнинг поэтик мероси мавзу жиҳатидан экзистенциал, лирик “мен” нуқтаи назаридан интроверт, тил жиҳатидан минималист ва чуқур, ғоя жиҳатидан эса замонавий инсоннинг ички драмасини акс эттирувчи яхлит поэтик тизимдир.
Ғолиб Сайилов,
Озарбайжон Миллий фанлар академияси
бош илмий ходими, филология фанлари доктори
Афсуски...
Афсуски, мен сени севаман,
Бир худо билади бу сирни.
Афсуски, муҳаббатдан олдин
Яратиб қўйган У тақдирни!
Афсуски, биламан исмингни,
Биламан - ўртада бор қасам.
Нетай етолмадим осмонга,
Сен ҳам узоқдамас, Ердасан...
Афсуски, кўзларим толиқди,
Афсуски, юраклар ичиккан.
Азизим, сен менга ишонгин,
Бу сафар дуолар кечиккан...
Афсуски... Афсуски... Афсуски -
Умримизнинг ҳар они шундай!
Дунё атрофида сузаман,
Номаълум ва номсиз очундай...
2026
*****
Кетганингдан кейин
Кетганингдан кейин англадим,
Соғинишга бор фақат ҳаддим...
Кетганингдан кейин бор бўлдим,
Хуштор эдим, энди ёр бўлдим!
Кетганингдан кейин тирилдим,
Сенсиз омон қолишим билдим...
Кетганингдан кейин ўлмадим
Ва лекин одам ҳам бўлмадим!
Кетганингдан кейин улғайдим,
Ҳар тонг юзим исмингга чайдим.
Кетганингдан кейин йиғилдим,
Ергамас, осмонга йиқилдим.
Кетганингдан кейин... шоирман,
Бекатсиз тақдирга доирман!
Кетганингдан кейин ошиқман,
Зинҳор рухсорингга ошиқмам...
Мен сеники бўлдим ниҳоят...
Томиримда музлаган оят!
2026
*****
2025 йилга
Шараф берганингда ғамни танидим,
Қуёшни эркалаб, шамни танидим,
Сени таниб, мен одамни танидим,
Воҳ, 2025-йил!
Ҳасратлар қонимдан кетдилар бир-бир,
Дўстларим ёнимдан кетдилар бир-бир.
Билмади - жонимдан кетдилар бир-бир...
Оҳ,
2025-йил...
Баъзан ҳисларингга ўйнадим, кечир,
Бундоқ ўз ҳолингга қўймадим, кечир...
Мен сенга тўймадим, тўймадим, кечир,
Уҳ, 2025-йил!
Биламан кетишинг керак - яхши бор!
Юпатмоқчи бўлиб суйкалади қор.
Сени кузатарман бахтли ва ночор...
Эҳ, 2025-йил...
2026
*****
Азизам...
Омаднинг тулпори етди чамаси -
Мудом атрофимда ғийбатлар саси...
Умримга қарасам бордек ҳаммаси,
Барибир сен менга камсан, азизам!
Ҳисларни йилларга сотаяпман жим,
Кўнгилни сотаман - харидори ким?
Бир томчи ёш каби сочилди севгим...
Бир томчи кўзёшда жамсан, азизам...
Қанча олис бўлсанг, омонман шунча,
Қанча холис бўлсанг, ёмонман шунча,
Худойим мен учун яратган ғунча -
Оламдан гўзал оламсан, азизам!
Ҳаёт - туйғуларнинг бемаврид сайли.
Биз ҳам томошага бир келдик, майли...
Тирикман севгимиз қабри туфайли...
Нақадар чиройли ғамсан, азизам!
2026
Куз ва баҳор орасида
Кўз бедор нур чорасида,
Кўнгил ҳамон норасида...
Тупрокдек жим ўтаяпман,
Куз ва баҳор орасида.
Тирикликка даъвогарман,
Баъзан кўр, баъзида карман.
Маҳкумман ва жавобгарман,
Куз ва баҳор орасида...
Ўзимни ўтга отдим мен,
Оловда совқотдим мен,
Ҳаммасини йўқотдим мен...
Куз ва баҳор орасида.
Мақсадимга етгандайман,
Ҳар лаҳза зарбага шайман,
Билмадим қачон яшайман,
Куз ва баҳор орасида.
Қисмат жоми тўлаётир,
Юрак ҳуркак, сўзлар ботир.
Бари увол бўлаётир,
Куз ва баҳор орасида...
Руҳимга соқчи бўлдим мен -
Сизга ёқмоқчи бўлдим мен...
Ҳар бир нафасда ўлдим мен,
Куз ва баҳор орасида.
Хазон бўлиб бораяпман,
Ларзон бўлиб бораяпман,
Арзон бўлиб бораяпман,
Куз ва баҳор орасида.
Дунёдан кўҳнадир дардим,
Қуёшни куйдирар гарди...
Куз ва баҳорни ахтардим,
Куз ва баҳор орасида...
Умр бозорида косибман,
Авф этинг, бир дил ёзибман....
Сўзсиз сизга муносибман,
Куз ва баҳор орасида...
Кўз бедор нур чорасида,
Нафсим ҳузур чорасида,
Жоним узр чорасида...
Куз ва баҳор орасида.
2025
Мавзуга оид бошқа хабарлар
- ТАСАВВУФИЙ МАЪНОЛАР ОЛАМИ Адабиёт
- Адабий Достук-Абадий Достук Ҳукумат / Жамият / Иқтисод / Технология / Илим-фан / Маданият / Туризм / Жаҳон / Молия / Адабиёт
- ҚИРҒИЗИСТОНДАГИ ЎЗБЕК ЖУРНАЛИСТЛАРИ Илим-фан
- Оналар ва Қизлар Сиёсат / Ҳукумат / Жиноят / Жамият / Иқтисод / Технология / Илим-фан / Спорт / Маданият / Туризм / Жаҳон / Соғлиқни сақлаш / Молия / Адабиёт / Тиббиёт
- Жамоатчилик хавсизлиги келишими Сиёсат / Ҳукумат / Жамият / Иқтисод / Технология / Илим-фан / Спорт / Маданият / Туризм / Жаҳон / Соғлиқни сақлаш / Молия / Адабиёт / Тиббиёт
