ТАСАВВУФИЙ МАЪНОЛАР ОЛАМИ

#Таҳлил_ва_талқин
Абдусалом АБДУҚОДИРОВ, (1949-2020)
филология фанлари доктори, профессор
(Авлиёхон Эшоннинг «Тавба эшиги» китобига ёзилган сўз боши)
Бадиий ижод билан шуғулланиш – илоҳий неъмат. У ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Воқеан, «бадиий ижод» бирикмасидаги арабча «бадиий» сўзи «янги, гўзал, нодир, тенгсиз, таъсирли» деган маъноларга эгаки, бу нарса бадиий ижодкорга юксак масъулият юклайди.
Ҳақиқий истеъдодлар бадиий ижод масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда ижод қилганлари учун уларнинг асарлари мангуликка дахлдор бўлади. Бадиий ижод тарихига назар ташланса, бунга ўнлаб, юзлаб ва ҳатто минглаб мисоллар келтириш мумкин.
Хўш, мангуликка мансуб ижодкорлар ва уларнинг асарларининг сири нимада? Биринчидан, бундай ижодкорлар туғма, илоҳий истеъдодга эга бўладилар.
Иккинчидан, улар ниҳоятда заҳматкаш бўлиб, тинмай меҳнат қиладилар. Учинчидан, бу хил ижодкорлар кўп ёзмайдилар, балки кўп ўқийдилар ва қомусий билим соҳиби бўладилар.
Тўртинчидан, бундай истеъдодлар бағри кенг, олижаноб, кўнгли тоза инсонлар сифатида, ҳам бошқаларни ранжитмайдилар, ҳам ранжитганлардан ранжимайдилар. Чунки бундайлар Аллоҳ уларга назар солганлигини ҳис этадилар ва бу илоҳий назардан ажралишни истамайдилар. Шу сабабли улар халқ назарини ҳам эгаллайдилар ва бунга содиқ қоладилар.
Тожикистонда, шўро даврида юзага келиб, истиқлолдан кейин тўла шаклланган ўзбек адабий жараёнида шу хил етук ижодкорлар мавжудлиги қувонарлидир. Истеъдодли шоир Авлиёхон Эшон шундай қаторнинг пешсафларидан биридир.
Авлиёхон ижод майдонига ўтган асрнинг 80-йилларида кириб келди. У ижодий фаолиятда амалий тажрибаларга эга. Адабий-назарий билими етарли. Аждодлари билан боғлиқ тарзда диний илмларни ҳам эгаллаган. Бироқ, муҳими шундаки, Авлиёхон қол илми билан бирга ҳол илмидан ҳам яхши хабардор.
Илми қол дунёвий, зоҳирий илмлар бўлса, илми ҳол тасаввуфий, ботиний билимлар мажмуидир. Дунёвий илмлар туфайли мавжуд олам ва ундаги нарса-ҳодисалар ўрганилади.
Тасаввуф илми орқали эса илоҳий моҳият тушунилади. Бошқача айтганда, дунёвий илм Аллоҳ яратган нарса-ҳодисалар ҳақида бўлса, тасаввуфий илм эса Аллоҳнинг ўзи ҳақидаги илмдир. Шунга кўра, тасаввуфий илм ғоят мураккаб бўлиб, Аллоҳни англаш, билиш қийин бўлганидек, уни ўрганадиган ботиний, яъни ички моҳиятга эга бўлган илмни ҳам тушуниш ғоят мушкулдир.
Шу сабабли ҳам тасаввуф илмини кенг тарғиб қилиб бўлмайди. Чунки уни тўғри тушунмаган ноқислар нотўғри хулоса чиқариб, тасаввуф аҳлини бадном қилишлари мумкин. Мансур Ҳаллож, Машраб каби тасаввуфга мансуб улуғ шоирларнинг сўфиёна фикрларини тўғри тушунмаганлар қандай ёвузликларга борганликлари тарихдан маълум.
Соддароқ қилиб айтганда, тасаввуф юксак тарбиявий аҳамиятга эга бўлган таълимотдир. Чунки у ҳақиқатни тарғиб қилиб, комил инсонни тарбиялаш ғоясини олға суради. Шунга кўра, у бадиий адабиётдан мустаҳкам ўрин олиб, ҳам тасаввуфий ғоялар сингдирилган адабиётни, ҳам тасаввуф адабиётини юзага келтирди.
Бир-бирини тўлдирган бу икки адабиёт минг йил давомида Шарқда юксак адабий-эстетик тарбияловчилик вазифасини бажариб келди.
Шўро даврида тасаввуфга диний тамға урилиб, четга суриб қўйилди.
Бундан адабиёт ҳам, омма ҳам азият чекди. Энг катта зарарни шўрочиларнинг ўзи кўрди. Улар адабиётни тасаввуфдан ажратиб, яланғочлаб қўйдилар. Тасаввуфий маънолардан ажралган адабиёт тарбиявий таъсирдан маҳрум бўлди ва шўрога ҳам, халққа ҳам яхши хизмат қила олмади.
Истиқлолдан кейин адабиётда яна тасаввуфий оҳангларнинг юзага келаётганлиги ўзига хос Шарқ модернидир. Албатта, у соф модерн эмас, балки анъаналар асосида янгиланаётган тасвирлардир.
Уларнинг янгилиги ҳозирги замон билан ҳам-нафаслигида бўлиб, давр иллатларига ботиб қолаётганларни тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Авлиёхоннинг «Тавба эшиги» тўпламидаги шеърлар алоҳида эътиборга сазовор.
Тўпламдаги шеърларнинг аксарияти сўфиёна мазмунга эга. Шу сабабли улар ички, ботиний маъно касб этган.
Аввало, тўплам номидаги «тавба» сўзига диққат қаратайлик. Бу сўзда Ҳаққа юз буриш, поклик йўлига эврилиш мужассамланган бўлиб, гуноҳкор банданинг тавба эшиги олдидаги муножотлари тўпламдаги шеърларга сочиб юборилган.
Тўпламдаги биринчи шеърда тариқат тавбасига қадам қўйган гуноҳкор сиймоси чизилган. Унинг «Бу фоний дунёга боқиб, Ҳали ҳам қонмайди кўзим чанқоғи» дейиши, ундаги моддий оламга муҳаббат эмас, балки ғафлатдан уйғонаётганлигининг нишонасидир.
Тавбакорнинг «Басир кўзларимдан ғафлат уйқусин Ўчирмоқ истайман истиғфор айтиб» муножотида эса унинг чиндан ҳам тариқат тавбасига ўтаётганлиги акс этган.
Шеърдаги муршиди комил сўзларида ҳам тариқат тавбасига даъват маҳорат билан сингдириб юборилган. Унинг ботин (ички олам, инсоннинг кўнгли ва руҳи)ни поклаш, ният (мақсад, ўй, истак-орзу)ни пок тутиш, фақр (хоксорлик, йўқсиллик, бечоралик, камбағаллик, ҳалоллик) йўлини танлаб, тажрид (шаҳватдан узоқлашиб, дунёга муҳаббатдан сақланган ҳолда Аллоҳга интилиш. Нафсни тийиб, ғурурни тарк этиш) ҳирқа (поклик либоси)сини кийишга чорлаб, «Гуноҳга Қайтмаслик қасдин қил» дейишида бу нарса ёрқин акс этади.
Таъкидлаш ўринлики, шеърдаги тавбакорлик жузъий ҳодиса бўлса-да, гуноҳкорлик оммавийдир. Чунки нафси аммора (инсонни турли балоларга гирифтор қилувчи нафс) гуноҳкорликни оммавийлаштириб юборган.
Гуноҳкорларни тавбага келтирувчи ва гуноҳлардан қайтарувчи муршиди комиллар эса ниҳоятда кам. Шоир шунга ишора қилар экан, ишорасини давом эттириб, муршиди комил аталганлар ҳам аслида гуноҳдан холи эмаслигига имо қилади.
Шунинг учун ҳам шеърдаги муршиди комил сиймосида ҳаётийликдан кўра идеаллик акс этганлигини сезиш қийин эмас. Шоир талқинича, ҳаёт, замон етук муршиди комилларга муҳтож.
Бундай комиллар жамиятда ҳақиқат тўла барқарор топиб, кишилар, миллатлар, халқлар ўртасидаги дўстлик, тенглик, яхшилик мукаммаллашгач ва энг муҳими, муҳтожлик тугаб, моддий етуклик ва маънавий баркамоллик оламни эгаллагандан сўнг кўпаяди.
Шоир бунга ишонч билдиради. Чунки у Румий каби улкан кўзгуларга боқиб, уларни ўқиб, шундай хулосага келган. Шунинг учун ҳам Авлиёхон «Бир куни» шеърида ёзади:
Бир куни
Фариштадан ҳам,
Ҳурдан ҳам покиза бўлади одам.
Топ-тоза бўлади –
Кўкси остидан
Кўриниб туради оппоқ юраги.
Инсон қачон шу даражага етади? Шоир «Вазифа» шеърида бу саволга жавоб беради. Шеърда инсоний ўзликни енгиш вазифаси қўйилган. Биринчи мисрадаги «Мен ўзимни енгишим керак!» бадиий ифодаси ғоят чуқур тасаввуфий маънога эга. Мисрадаги «мен» ва «ўзимни» сўзларида «менлик» ва «ўзлик» тушунчалари мужассамлаштирилган.
«Менлик» инсоний кибрни, «ўзлик» инсоний нафсни ифодалайди. Бу икки тушунча кимда бирлашса, уни хароб қилмай қўймайди. Улар ҳатто алоҳида-алоҳида намоён бўлганда ҳам, инсонни олижаноб фазилатлардан маҳрум этиб, адойи абгор қилади.
Лирик қаҳрамон инсоний менлик – ўзликни англаган, унинг даҳшатини кўрган шахс бўлиб, тавба эшиги олдига келган ва ўзини енгишга қарор қилган. Аммо бу қарорни амалга ошириб бўлармикин?! Чунки инсоний менлик – ўзликни енгиш ниҳоятда мушкул. Кимдир уни енгса Ҳаққа етади.
Амир Алишер Навоийнинг «Лисон-ут-тайр» достонида минглаб, миллионлаб инсон тимсолидаги қушлар Симурғ (Аллоҳ)га етиш учун менлик – ўзликка барҳам берадиган риёзат сафарига отланадилар. Улар талаб (талабгорлик), ишқ, маърифат (Ҳақни англаш ва билиш), истиғно (эҳтиёжсизлик), тавҳид (Ҳақ бирлиги ва шу бирликка интилиш), ҳайрат, фақру фано (менлик – ўзликдан тўла қутилиб, илоҳий сифатларга эга бўлиш) каби 7 водийни босиб ўтишлари лозим эди.
Менлик – ўзликни енгишга қаратилган бу водийлардан 30 та қуш ўта олди, холос. Қолган қушларнинг бир қисми йўлдан қайтди, бошқа қисми эса риёзатларга чидай олмай ҳалок бўлди ва ҳоказо.
Менлик-ўзликни англаш макон-манзиллари кўп бўлиши билан бирга, уларни эгаллаш ҳам ғоят мушкулдир. Чунки бир мақомни эгалламай, иккинчисига ўтиш мумкин эмас. Баъзан эса бир мақомни эгаллаш учун бутун умр етмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам шеър лирик қаҳрамони «Мен ўзимни енгаман» деб ишонч билан айта олмайди.
Балки ўзини енгиши кераклигини айта олади, холос. Зеро, лирик қаҳрамон ҳам бу ишнинг ниҳоятда қийинлигини ҳис этган ҳолда фикр юритади. У ўз олдига ўзгани енгишни мақсад қилиб қўймаган. Агар шундай ният қилганида, у ўзидаги ўзлик-менликнинг янада кучайишини истаган бўларди.
Бу эса унинг ҳалокати эди. Буни тўғри англаган лирик қаҳрамон ўзини енгишга интиладики, у бунга эришса, ўзгани, ҳаммани ва ҳатто бутун дунёни енгган бўларди. Маълум бўладики, ўзини енгиш шу қадар юксак аҳамиятга эга экан.
Тўпламдаги шеърларда мажозийлик, танланган сўзларга тасаввуфий маъно юклаш изчил давом этган. Чунончи, «Очун» шеърини олиб кўрайлик. Очун дунё деган маънони англатади. Аммо шеърда гап дунё ҳақида эмас, унинг тимсолига айланган аёл ҳақида боради. Нега? Чунки дунёда нафс тажассум этади ва аёлда ҳам бу хислат йўқ эмас.
Шоир аёлнинг гўзал сифатларини таърифлайди. Унинг қоши, сочи, юзи, кўзи, кўз қорачиғи ниҳоятда чиройли. Унга инсонгина эмас, ҳатто табиат ҳам шайдо:
Чиройини лафзида шарҳлаб,
Учар кўклам қалдирғочлари.
Юзларидан улгу ўғирлаб,
Тўлишади осмонда ойлар.
Кўзларида аксим кўрай деб,
Кўзгу тутиб оқади сойлар.
Офтоб ҳар кун ёлғиз уни деб,
Ер-фалакка улашар ҳусн.
Бу аёлнинг қорачиғида
Уйғонади қадимий афсун.
Бу гўзалликка мафтун бўлган лирик қаҳрамон ҳам таслим бўлади. Унинг қулига айланади. Унга бутунлай боғланиб қолади. Дунё – аёлнинг мақсади ҳам шу эди.
У сарватини ёйиб, кўз-кўз қилиб, ўз шайдосини ҳалок қилиш пайига тушади. Дунёга берилишнинг оқибати шунга олиб келади. Аммо шоирнинг мақсади шуларни айтишдан иборат эмас.
Унинг нияти ўқувчини ботиний моҳиятга тортишдир. Ботинда эса гўзаллик акс этган сўзларга ирфоний маънолар (Аллоҳни таниш, билиш ҳақидаги маънолар) юкланган. Уларни тушуниш ўзликни англашга йўл очади.
Натижада, инсон сувратдан сийратни топади.
Воқеан, Авлиёхон «икки чизиқ» сифатида тасвирга тортган қошда илоҳий ва моддий олам чегараси акс этади.
Зотан, шоир «икки чизиқ» бирикмасини бежиз келтирмаган. Чунки унда Ҳақ ва халқ намоён бўлади. Ҳақ илоҳий сарҳадни, халқ моддий олам, яъни дунёни (аёлни ҳам дейлик) ифодалайди.
Қошга суртилган қилқалам лирик қаҳрамон қалбидаги нафс ва кибрни англатади. Лирик қаҳрамон олдида уларни англаш, билиш вазифаси туради.
Соч – Аллоҳ зотини билдирувчи ягоналик даражаси. Аммо шеърда у «қора сочлар» тарзида келиб ваҳдат, яъни Аллоҳ зотини англатувчи бирликни эмас, балки касрат, яъни олам ашёларини билдирувчи кўпликни ифодалаб келган.
Касратда акс этган моддий олам нафсоний нарса-ҳодисалардир. Лирик қаҳрамон уларга боғланар экан, соч ранги унинг қалбини ҳам эгаллаб олади. Демак, бу ўринда ҳам хатарли хавф мавжуд.
Юз – илоҳий нур жилваси бўлса-да, шеърда у моддий интилиш ўрни бўлиб келган. Чунки у моддий олам билан боғланган. Шу сабабли юз лирик қаҳрамонга маънавий озуқа беролмайдигандек туюлса-да, унинг асл моҳиятидан воқиф бўлиш бу фикрни инкор эттиради.
Кўз аслида комил инсонни ифодалайди. Чунки унда воқифлик ва шоҳидлик акс этади. Шеърда эса кўз инсонни моддий оламга тортувчи восита сифатида берилган. Бу – зоҳирий маъно. Ботинан олиб қараганда, кўзга кўзгулик, яъни комил инсонлик вазифаси юкланган. Воқеан, шоирнинг уни кўзгу билан ёнма-ён тасвирлаши бежиз эмасдир.
Шеърда поэтик образга айланган яна бир неча сўзлар борки, уларга ҳам сўфиёна маънолар юкланган. Чунончи, кўзгу – тажаллий (намоён бўлиш) майдони. Офтоб – ҳақиқат нури. Ер – фақр олами. Ишқ – камолот йўли. Ҳижрон – ишқ ҳузури.
Қафас – нафс ҳудуди. Дор – турмуш ташвишлари. Маржон – балолар гирдоби. Тош – қаҳр-ғазаб. Ип – бевафо умр. Хино – дунё найранги. Бармоқлар – нафс бандалари. Жоди – ҳаёт. Кафан – беғамлик териси. Тобут – ғофиллар уйи ва ҳоказо.
Тасаввуфдан хабардор бўлмаган китобхон бундай ички маъноларни англаши қийин бўлади. Бу эса шеърни тушунмасликка олиб келади. Хўш, бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Бунинг учун шу тоифадаги шеърхонларнинг тасаввуфий-фалсафий савиясини кўтариш керак. Бу эса тасаввуфий шеърларнинг кўпроқ ёзилишини, уларнинг кенг таҳлил этилишини, сўфиёна асарлар чопи кўпайтирилишини, адабий суҳбат ва йиғилишларда тасаввуфий талқинларга кенг ўрин берилишини тақозо этади.
Буларнинг нима ҳожати бор, деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, тасаввуфий асарларда китобхон савиясини кўтарадиган, унга юксак адабий-эстетик завқ бағишлайдиган, чуқур маъноли, ижтимоий-фалсафий, маънавий-ирфоний бадиий талқинлар бўлади.
Энг муҳими, шеъриятда жўнлик сустлашади. Шеърият ўзининг кўп маънолилигини намойиш этиб, шеърхонлар доирасини кенгайтиради.
Ўзбек ва тожик мумтоз шеърияти тасаввуфий маъноларга йўғрилганлиги учун ҳам ҳаммани мафтун этган эди. Бу шеъриятнинг, ҳозирга қадар мумтоз, яъни аъло даражада деб келинаётганлиги ҳам унинг чуқур ички мазмун-моҳиятга эгалиги, тасаввуфий-фалсафий талқинларга бой, кўп маънолиги билан боғлиқдир.
Мумтоз шоирлар анъаналарини давом эттираётган Авлиёхон Эшоннинг кейинги йиллардаги шеърияти тасаввуфий талқинларга йўғрилаётганлиги, кўп маънолик касб этаётганлиги диққатга молик. Зийрак китобхонлар тўпламдаги шеърлар билан танишгач, юқоридаги фикрни тасдиқлашларига аминмиз.
Ўрни келгани учун қайд этмоқчимизки, тўпламдаги шеърлар фақатгина тасаввуфий-фалсафий талқинларга, ички ирфоний маъноларга йўғрилибгина қолмай, улар бадиий жиҳатдан мукаммаллиги билан ҳам таҳсинга сазовор.
Шеърлар ўзининг образлилиги, ритм воситалари – вазн, қофия, банд, туроқ кабилар жиҳатидан етуклиги, тил ва услубининг ихчам, равон, таъсирли ва аниқлиги, энг муҳими, турли бадиий тасвирий воситаларга бойлиги жиҳатидан талабчан китобхонларни қаноатлантира олади.
Бу фикрлар мисоллар билан далилланса маъқул бўларди. Бироқ, биринчидан, аён нарсани баён қилишга ҳожат бўлмаса керак. Иккинчидан, бусиз ҳам чўзилган сўз бошида эмас, балки алоҳида қилинадиган тадқиқотларда бу иш амалга оширилар, деган фикрдамиз.
Учинчидан эса, бизнингча, устоз шоир даражасига етган адибларнинг етук ижодкор эканлигини исботлашга унчалик зарурат сезилмайди. Қарийб ўттиз йилдан буён масъулият билан ижод қилиб келаётган, ўз овози ва услубини намойиш этиб, кўп сонли мухлисларига эга бўлган маҳоратли шоир Авлиёхон Эшон шеърияти бадиий етуклиги ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
2013 йил, 22 январь
Мавзуга оид бошқа хабарлар
- Ленин кўчаси, "Арбат", "Абраж" ва "Аманат Сити" курилиш компаниясининг кўп қаватли бинолари учун йўл четидаги бинолар Ввот берилган. Ҳукумат
- 13 март куни Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара ўтиш йўллари очилиши хабар қилинди.Бу тинчлик келишуви икки давлатнинг юқори мартабали вакиллари иштирокида амалга оширилади. Ҳукумат

