ҚИРҒИЗИСТОНДАГИ ЎЗБЕК ЖУРНАЛИСТЛАРИ
ҚИРҒИЗИСТОНДАГИ ЎЗБЕК ЖУРНАЛИСТЛАРИ
ҲАҚИДА АЙРИМ ЧИЗГИЛАР
Ўтган 2023 йил 20 сентябрда Ўшлик журналист ва жамоат арбоби, Ўш вилояти ўзбек тилли газета таҳририятига йигирма етти йил (1966-1993) етакчилик қилган Одилжон Обидов тўқсон ёшида (1933-2023) вафот этди. Обидов домланинг вафоти билан Қирғизистон ўзбек журналистикасининг бутун бир даври тарих мулкига айланди, деса бўлади.
Одилжон домла етмиш ёшида пенсияга кетганидан сўнг ҳам у раҳбарлик қилган таҳририят ишлай берди, газета эса аввалги “Ленин йўли” номини ўзгартириб, “Ўш садоси” деган номда чиқа бошлади, бироқ бу энди бозор иқтисодияти қоидаларига мослашган, партиявий руҳидан воз кечган, аввалги салобати ва мавқеини бой берган янги газета, янги матбуот органи эди.
Мен 1970 йил августдан келаси йилнинг июнига қадар – ўн ойча “Ленин йўли” газетаси таҳририятида мусаҳҳиҳ (корректор) бўлиб ишлаганман, ўша пайтда бу ташкилотда ишлаган барча ходимларни яхши эслайман. Мавриди келса, бу фидойи, камтар ва самимий ижодкорларнинг ҳар бирини ёд этиш, хотиралар ёзиб, уларнинг руҳини, оз бўлса-да, шод этиш ниятим бор.
1970 йиллар – Ўш вилоят партия ташкилотининг органи “Ленин йўли” газетасининг гуриллаган даври эди. Газетанинг кунлик тиражи 28 мингдан ортиқ эди. Таҳририятда, адашмасам, элликдан ортиқ киши ишларди.
Мана, ўша даврда ишлаган ва исми менинг ёдимда қолган кишилар (алифбо тартибида):
1. Абдужалил Сулаймонов
2. Абдусалом Арслонов
3. Абдуғани Абдуғафуров
4. Абдуқаҳҳор Маннонов
5. Аҳмаджон Муҳаммаджонов
6. Ботиржон Ғозибоев
7. Валидбек Олимов
8. Ваҳобжон Холбеков
9. Жўрабой Қурашев
10. Зайнобидин Салоҳиддинов
11. Зуҳриддин Исомиддинов
12. Комилжон Восилов
13. Латифжон Тожибоев
14. Лолахон Маткаримова
15. Мадинахон Каримова
16. Маҳмуд Комилжонов
17. (М.Комилжоновнинг хотини)
18. Мирзоҳид Мирзараҳимов
19. Музаффар Саидов
20. Мўйдинжон Абдумажидов
21. Муллажон Тожибоев
22. Мухтасархон Исмоилова
23. Мўминжон Рўзиев
24. Муҳаммаджон Боқиев
25. Муҳаммаджон Ўринбоев
26. Мўминжон Рўзиев
27. Насибжон Раҳматуллаев
28. Насим Фахридинов
29. Одил Абдураҳмонов
30. Одилжон Обидов
31. Омонбой Сотволдиев
32. Омонулло Аҳмедов
33. Позил Сарибоев
34. Раънохон Сарибоева
35. Руқияхон опа (подчитчик)
36. Рўзихон Рўзиохунова
37. Саидвали Ҳасанов ва хотини
38. Салтанат Файзуллаева
39. Санобар Акромова
40. Саодатхон Ҳатамова
41. Талъат Солиев
42. Турсунбой Адашбоев
43. Усмон Тоштемиров
44. Хадичахон Каримова
45. Шавкат Раҳмон
46. Ўсканбой Матқосимов
47. Қодиржон Собиров
48. Ҳалимжон Ҳамидов
49. Ҳамид Абдулфаттоев
Мен кўрган кишилар орасида энг ёши улуғи – Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, бир оёғининг тиззадан пасти ёғоч протезли Ҳалимжон Ҳамидов домла эди. Шунинг учун ҳам, “Ленин йўли” газетаси таҳририятида ишлаган баъзи кишилар ҳақида узуқ-юлуқ хотираларни битишга киришар эканман, гапни таҳририятда ҳамма ўзига устоз деб билган Ҳалимжон домла Ҳамидов ҳақидаги сўздан бошлаганим маъқул, менимча.
Ўртадан пастроқ бўйли, миқти гавдали Ҳамидов домла шошмай, салмоқлаб, сўзларни ҳатто бироз “бураб” талаффуз қилар, шунданмикин, айтган ҳар бир гапи кишининг ёдида қолар эди. У киши аслида шу газетанинг муҳаррири бўлган экан, бироқ йиллар ўтгани сари кесилган оёқ оғриғи кучая боргани боис, юришда қийналиб, вилоят миқёсидаги турли анжуманларга бориб ўтиришдан, ҳар хил сафарлардан безиб (газета редактори – обком бюросининг аъзоси саналар, бу юксак рутбага ҳатто айрим район раҳбарлари ҳам етиша олмасди), ўрнини ўринбосари Одилжон Обидовга бериб, ўзи энг серғалва, аммо жиддий муносабат талаб қиладиган “Хатлар бўлими”га мудирликка ўтиб олган экан.
Мен корректор бўлиб ишга киргач, биринчи кун шу кишига дуч келдим. Чунки Ҳамидов домла ўша куни “навбатчи” экан, навбатчи – адабий ходим корректор кўриб, тузатган саҳифани бир бошдан ўқиб чиқиб, яна тузатишлар киритиб, пировардида чоп этишга рухсат бериб, имзо чекар, масъулиятни ўз бўйнига олар эди.
Мен ҳали намхуш саҳифадаги айрим тузатишларни кўрсатиш учун домлага олиб кирсам, у киши кафти яхши очилмайдиган ўнг қўлини узатиб (бу ҳам уруш асорати) кўришди-да, кўзойнагини тақиб, ўқишга тушди. Менга биринчи саҳифа тушган эди. Унда газета номи ва унвонлари хийла жойни эгаллар, йирик босилар эди.
Домла ўқиётиб, тўхтаб қолди-да, менга бурилиб қараб:
– Бу ерда бир хато бор шекилли? – деб саҳифага ишора қилди. – Қаранг, “Қирғизистон КП Ўш область комитети органи”, деб ёзилибди. Ахир “Ўш область партия комитети” деб ёзиш керак эмасми?
Бунақа саволга сира дуч келмаганман! Аммо нимадир дейишим шарт.
– Ё... нотўғри ёзилибдими, “Ўш область”дан сўнг “партия” деган сўз тушиб қолибдими?
Домла кўзойнак тепасидан менга жиддий боқиб, жавоб кутар эди.
– Йўқ, шу ўзи тўғри, менимча – дедим бироз эсанкираб, – бу ердаги “Қирғизистон КП” дегани Ўшга ҳам ўтади.
– Ҳа, баракалла! – деди Ҳамидов домла ҳам синчковлик, ҳам меҳр билан бир қараб қўйиб, – тўғри тушунибсиз.
Ўшандан кейин у киши аҳён-аҳёнда менга алланималарни айтадиган, йўл кўрсатадиган бўлиб қолди. Келаси йил ёзда абитуриентлик сабаб ишдан бўшаганимни эшитиб, хайрлашаркан, сўнгги ўгитини қулоғимга қуйди:
– Ҳамма нарсага танқидий қарай олинг. Бу инкор қилиш эмас, синчков кўз билан боқиш, дегани. Танқидий фикр қила олмайдиган одам ўсмайди...
Ёдимда, бир куни таҳририятдаги аёллар домладан кампирининг соғлиғини сўрашди, салом айтишни тайинлашди.
– Ҳа, уям қариб қолди, – деди домла бамайлихотир. – Шундоқ қилиб (у киши икки қўлини ёйди) қўлимни керсаму, унга тегса, йиқилгудек ҳоли бор.
Кейин Ҳамидов домла кулимсираб ўтириб, ёшлик пайтидаги бир муҳаббати тарихи ҳақида ҳангама қилди. Шундоқки, у маҳал йигирмаларга кирган, хушқомат, ўқимишли бу йигит Ўш яқинидаги бир қишлоқда турадиган қиз билан танишиб қолади. Ёқтиради, қиз ҳам унга мойил. Учрашиш учун фалон кун, фалон соатни белгилашади. Ҳозиргидай, шаҳардаги бирон кафе ё кинотеатрда учрашиш қаёқда? Далада, одамлар кўзидан холи бир жой белгиланади.
Ҳалимжон ўша куни украинча каштали оппоқ кўйлак кийиб, туфлисини йилтиратиб мойлаб, қирраси чиқариб дазмоллаган шим кийиб, тақдирнинг бу кун ўзига ҳозирлаб қўйган ажиб ҳазилидан тамом бехабар, дала ёқасидаги уватдан кетиб бораётибди. Буни қарангки, ўша дала четида, ариқ ёнида бировнинг ориқ, шалтоқ бир сигири ҳам ўтлаш учун боғлаб қўйилган экан. Ёш, олифта йигит, сал наридан юрай деса, ғўза сувга бостирилган, бир амаллаб сигир ёнидан ўтишга шайланади. Ана ўтдим, деган маҳали, бояги ҳаром ўлгур тиррақи мол, ҳе йўқ-бе йўқ, суюқ шалтоғига обдон булғанган думини елпиб, бояги кўйлакнинг нақ кўкрагига бир уради – ҳулла каби оппоқ кўйлакнинг олди молнинг шиптири билан булғанади!
Бундай кулгили ҳам аянчли аҳволда учрашувга бориб бўладими? Йигит ортига қайтади. Кута-кута уйига кетган қиз эса кейин унинг ҳеч гапига, изоҳларига қулоқ солмайди. “Муҳаббат солган иморат вайрона бўлди, найлайин”, деб йигит қола беради, сўнг урушга жўнаб кетади, ундан қайтгач, оила, бола-чақа... Тақдирнинг ажойиботини қаранг: домлага ўша қиз билан оила қуришга бояги сигир халал бергани ҳам бир сир-синоат...
Қизиғи шундаки, газета таҳририятидаги қарийб эллик журналистга устоз мақомида бўлган бу киши аслида олий маълумоти йўқ, у тугул, ўрта мактабни ҳам кейин ўқиб битирган, эришган бунча обрў ва мартабаларига эса ўткир зеҳни ва инқилобгача мадрасада олган билими асос бўлган экан...
Бир куни, ҳафталик “летучка” мажлисида газета ходимларидан бири “Журналист нима учун ёзади?” деган савол қўйди-да, “гонорар учун”, деб хулоса қилди. Ҳеч ким унга жўяли бир жавоб топа олмай, ҳамма жим ўтирган эди, Ҳамидов домла унга жаҳл билан қараб, қўлидаги қалам билан столга тақ-тақ уриб, дашном берди: “Ҳой мулла йигит, одам ўша ёзган материали тагида кўрсатиладиган исми-фамилияси учун ёзади, билиб олинг”, деб дашном берди (ўшандан бери, бу гапнинг ҳақлигига имон келтириб қалам тебратиб юрибман баҳолиқудрат).
Домла Қирғизистондаги ўзбек матбуотини опичлаб катта қилди, бутун онгли умрини шунга бағишлади, узоқ йиллар давомида чиқарган неча минглаб газета сонлари билан Жанубий Қирғизистон ўзбеклари маърифатини юксалтириш, уларнинг ижтимоий онгини ўстириш учун хизмат қилди.
Мана энди, орадан эллик йиллар ўтгач, бундай сарасоп солиб кўрсам, Ҳалимжон Ҳамидов каби фикри тиниқ, принципиал, ҳалол ва муросасиз одамга умрим бўйи уч мартагина дуч келган эканман. Буларнинг биринчиси шу Ҳамидов домланинг ўзи, иккинчиси академик Иззат Султон ва учинчиси – исми шарифини билмайман ҳам, Ўш-Андижон йўналишидаги автобусда тасодифан ҳамроҳ бўлган бир уламо чол. Булардаги фикрнинг тиниқлиги ва муносабатнинг қатъийлиги... юз минглаб одамдан бир кишигагина насиб бўлади у. Шу учовининг ҳар бири – бир олам, ҳар бири – бутун одам эди.
Ўзбекнинг асл маърифатпарварларидан бири эди, Ҳалимжон домла...
Зухриддин Исомиддинов
Мавзуга оид бошқа хабарлар
- ТАСАВВУФИЙ МАЪНОЛАР ОЛАМИ Адабиёт
- 13 март куни Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара ўтиш йўллари очилиши хабар қилинди.Бу тинчлик келишуви икки давлатнинг юқори мартабали вакиллари иштирокида амалга оширилади. Ҳукумат
- Ленин кўчаси, "Арбат", "Абраж" ва "Аманат Сити" курилиш компаниясининг кўп қаватли бинолари учун йўл четидаги бинолар Ввот берилган. Ҳукумат

