Ҳикматли дунё
Бир ривоят бор, эшитган бўлсангиз керак. Қадимда Одам ато ва Момо ҳавонинг фарзандлари Хобил ва Қобил бўлган экан. Кунларнинг бирида Қобил акаси Хобилни жонига қасд қилибди ва жасадни нима қилишни билмай қолади ва Аллоҳ таоло унга бир қушнинг ўлик қушни кўмиш учун қабр қазиётганини кўрсатади. Ўша ақлли қуш - қарға эди. Қарға ҳатто, муқаддас Қуръони Каримнинг Моида сурасининг 31-оятида ҳам зикр қилинган. Шу воқеадан сўнг инсонўғли қабр қазишни ва жасадни кўмишни ўргана бошлаган. Бу воқеа бизга бу дунёнинг ҳикматли эканини, ундаги яхши бўлсин, ёмон бўлсин, ҳар воқеа ибратли эканини англатади.
Ҳа, албатта, бу дунё ҳикматларга бой, бу дунё яратилишининг ўзи катта ҳикматдир. Одам ато ва Момо ҳавонинг тақиқланган мевани истеъмол қилгани, натижада жаннатдан қувилгани ҳақидаги ибратомуз ривоят бор. Шу ривоятнинг ўзигина одамларга бу ҳаётда яхши яшамоқ учун ман этилган ишларни қилмаслиги зарурлигини ўргатади.
Аслида, ўтмишда содир бўлган, ҳозир ҳам юз бераётган, биз эътиборсиз қолдираётган ҳар бир кичик ҳодисадан улкан ибрат олмоқ мумкин.
Мисол учун, таваккалчилик билан ўқишга топширган абитуриент ўқишдан йиқилди, одамларнинг гап-сўзи унга оғир ботди, аламидан ўқишни бошлади ва келгуси йил грандга ўқишга қабул қилинди. У шу бир йил орасида бўлиб ўтган воқеадан бир умрлик хулоса чиқарди, яъни у ўша вақтда ўқишга осонликча кирганида ғурурланиб, балки ўқишни ташлаб юбориши ҳам мумкин эди, бироқ мағлубият таъмини тотиб кўргач, у қийналиб, илм толиби бўлиб, бир йилини беҳудага ўтказмади ва бундан сўнг ҳам беҳудага ўтказмайди. Негаки , у вақт қадрини билди. У аслида, бошқалар билан эмас, ўзи билан ўзи курашди ва ғолиб бўлди.Бу каби бошида "ёмон" дек кўринган, аммо, яхши бўлган воқеа-ҳодисалар ҳаётимизда кўп. Бир эшик ёпилса, ортидан, албатта, бошқаси очилади.
Ҳаётингизда сиз жуда ҳам истаган, аммо, ўхшамаган бир нарсага ачинманг, сабаби, Аллоҳим сизга кутганингиздан да зиёдасини юборган он беихтиёр ортингизга боқиб, "ўхшамаганга" қарата:"яхшиям ўхшамабсан, менда энди сендан ортиғи бор", - дейсиз. Роббимга ҳамд-у санолар айтасиз. Ёдингизга турсинки, Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасини насибасиз қолдирмайди, албатта, хайрлисини юборади. Қадарингизда ёзилган ва сизники бўлиши керак бўлган барибир бир кун сизга келади, барча йўллар йўллар сизга элтади.
Ҳа, шундай, ҳаётнинг ўзи катта устоз, мактаб, яшамоқ эса дарсдир. Бу дарсда беш баҳо олмоқ ва "мактабни аъло тугатмоқ" учун аввалги дарслардан тўғри хулоса чиқармоқ даркор. Зеро, ҳикмат қидирганга ҳикматдир дунё, иллат қидирганга иллатдир дунё.
©Матлуба Шакарова
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби "Ёш ижодкорлар" тўгараги аъзоси