Материалы за 25.06.2025 » Ақийқат.KG

Ёш ижодкорлар сахифаси

“Бир ёлғон – мингта эртак эшиги”

Ёлғон гапирган ўқувчим.

Баъзида дарс давомида кутилмаган ҳолатлар рўй беради. Айниқса, ўқувчиларнинг тўғрилиги, ҳалоллиги ёки аксинча, кичик ёлғонлари ўзига хос тарбиявий сабоқларга сабаб бўлади. Ана шундай бир дарс менга ўзим кутмаган ҳаётий сабоқ бўлди.

«Мен китобни ўқиганман» – деб бошланди ҳаммаси.

3-синфда “Энг севимли эртагим” мавзусидаги дарсда ҳар бир ўқувчи ўзи ўқиган эртак ҳақида гапириб бериши керак эди. Барча навбати билан чиқиб гапирди. Навбат Абдулқодирга келганда, у бироз иккиланиб турди-да, ишонч билан деди:

— “Мен Алпомиш эртагини ўқидим. У жуда кучли эди, душманларини енгди!”

Ҳаммаси жойида туюлди, аммо мен қўшимча савол бердим:

— “Хўш, Алпомишнинг дўстининг исми ким эди?”

У жим бўлиб қолди. Кейин эса:

— “Ҳмм… Алпомиш ёлғиз эди…” — деди.

Синф кулиб юборди. Мен эса мулойимлик билан шундай дедим:

— “Алпомишда Барчиной деган ёр, Қалдирғоч деган от бор эди. Балки сен бу эртакни ҳали ўқимагандирсан?”

Абдулқодир қизариб кетди ва бошини пастга эгди:

— “Мен ўқимадим… Лекин мен ҳамма ўқиганлар қатори гапиришни хоҳладим.”

Бу сўзлар юрагимга уриб тушди. Мен шу заҳоти синфга шундай дедим:

— “Ҳақиқатни тан олиш – бу жасорат! Ёлғон эса вақтинча ёрдам бериши мумкин, лекин ишончни йўқотади.”

Кейин мен Абдулқодирни табриклаб, унга “Алпомиш” эртагини совға қилдим ва ундан эртаси куни ўқиб келиб, синфдошларига сўзлаб беришини илтимос қилдим. У рози бўлди. Ўша кундан кейин Абдулқодир синфда энг кўп эртак ўқийдиган болага айланди.

Хулоса:

Ҳар бир бола ёлғон гапириши мумкин — бу болаликка хос ҳолат. Аммо ўқитувчи ўша пайтда уни шарманда қилиш ўрнига, ёлғоннинг ўрнини ҳақиқат билан алмаштиришга ёрдам бериши керак. Ана шу кичик воқеа катта ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

“Бир куни дарсда…” – бу оддий воқеа ортида ётган беқиёс ҳаёт сабоғидир.

Абдумуталлибова Дилшода,

Андижон давлат чет тиллари институти талабаси

Батафсил ўқиш



Ижтимоий тармоқда баҳам кўринг...

Ёш ижодкорлар сахифаси

Ҳикматли дунё

Бир ривоят бор, эшитган бўлсангиз керак. Қадимда Одам ато ва Момо ҳавонинг фарзандлари Хобил ва Қобил бўлган экан. Кунларнинг бирида Қобил акаси Хобилни жонига қасд қилибди ва жасадни нима қилишни билмай қолади ва Аллоҳ таоло унга бир қушнинг ўлик қушни кўмиш учун қабр қазиётганини кўрсатади. Ўша ақлли қуш - қарға эди. Қарға ҳатто, муқаддас Қуръони Каримнинг Моида сурасининг 31-оятида ҳам зикр қилинган. Шу воқеадан сўнг инсонўғли қабр қазишни ва жасадни кўмишни ўргана бошлаган. Бу воқеа бизга бу дунёнинг ҳикматли эканини, ундаги яхши бўлсин, ёмон бўлсин, ҳар воқеа ибратли эканини англатади.

Ҳа, албатта, бу дунё ҳикматларга бой, бу дунё яратилишининг ўзи катта ҳикматдир. Одам ато ва Момо ҳавонинг тақиқланган мевани истеъмол қилгани, натижада жаннатдан қувилгани ҳақидаги ибратомуз ривоят бор. Шу ривоятнинг ўзигина одамларга бу ҳаётда яхши яшамоқ учун ман этилган ишларни қилмаслиги зарурлигини ўргатади.

Аслида, ўтмишда содир бўлган, ҳозир ҳам юз бераётган, биз эътиборсиз қолдираётган ҳар бир кичик ҳодисадан улкан ибрат олмоқ мумкин.

Мисол учун, таваккалчилик билан ўқишга топширган абитуриент ўқишдан йиқилди, одамларнинг гап-сўзи унга оғир ботди, аламидан ўқишни бошлади ва келгуси йил грандга ўқишга қабул қилинди. У шу бир йил орасида бўлиб ўтган воқеадан бир умрлик хулоса чиқарди, яъни у ўша вақтда ўқишга осонликча кирганида ғурурланиб, балки ўқишни ташлаб юбориши ҳам мумкин эди, бироқ мағлубият таъмини тотиб кўргач, у қийналиб, илм толиби бўлиб, бир йилини беҳудага ўтказмади ва бундан сўнг ҳам беҳудага ўтказмайди. Негаки , у вақт қадрини билди. У аслида, бошқалар билан эмас, ўзи билан ўзи курашди ва ғолиб бўлди.Бу каби бошида "ёмон" дек кўринган, аммо, яхши бўлган воқеа-ҳодисалар ҳаётимизда кўп. Бир эшик ёпилса, ортидан, албатта, бошқаси очилади.

Ҳаётингизда сиз жуда ҳам истаган, аммо, ўхшамаган бир нарсага ачинманг, сабаби, Аллоҳим сизга кутганингиздан да зиёдасини юборган он беихтиёр ортингизга боқиб, "ўхшамаганга" қарата:"яхшиям ўхшамабсан, менда энди сендан ортиғи бор", - дейсиз. Роббимга ҳамд-у санолар айтасиз. Ёдингизга турсинки, Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасини насибасиз қолдирмайди, албатта, хайрлисини юборади. Қадарингизда ёзилган ва сизники бўлиши керак бўлган барибир бир кун сизга келади, барча йўллар йўллар сизга элтади.

Ҳа, шундай, ҳаётнинг ўзи катта устоз, мактаб, яшамоқ эса дарсдир. Бу дарсда беш баҳо олмоқ ва "мактабни аъло тугатмоқ" учун аввалги дарслардан тўғри хулоса чиқармоқ даркор. Зеро, ҳикмат қидирганга ҳикматдир дунё, иллат қидирганга иллатдир дунё.

©Матлуба Шакарова

Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби "Ёш ижодкорлар" тўгараги аъзоси

Батафсил ўқиш



Ижтимоий тармоқда баҳам кўринг...

Яндекс.Метрика
Cайт "Clicks.KG" Реклама Агентлиги
томонидан ишлаб чиқилган.