Адабиёт Гулшанида
ХОЛИДА ИСМОИЛ (МУҲАММАДИЕВА)
1983 йил 7 майда Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани, Теракзор маҳаласида таваллуд топган.
1989–1998 йиллар тумандаги 41-ўрта таълим мактабида таҳсил олган.
2000–2004 йиллар Термиз иқтисодиёт коллежида таҳсил олган.
2004–2006 йилларда “ТЕРМИЗ ОҚШОМИ” газетасида,
2004–2008 йилларда “БОБОТОҒ ТОНГИ” ва “САРИОСИЁ” газеталарида мухбирлик фаолиятини юритган.
2012 йилда “ТАҚДИМ” газетаси ҳамда “МАҲОРАТ” иқтидорли ёшлар журналида фаолият олиб борган.
2013–2015 йилларда “МУСИҚА” давлат нашриётида муҳаррирлик қилган.
2023 йилдан ҳозирга қадар “ҒАНЖИНА” нашриётида муҳаррирлик фаолиятини юритмоқда.
Холида Исмоилнинг:
– 2014 йилда “ЮРАГИМДА ЙИҒЛАЙДИ АРМОН”,
– 2022 йилда “БАХТНИНГ СОНИЯЛАРИ”,
– 2024 йилда “ШОШАЁТГАН ШАМОЛЛАР”,
– 2025 йилда “ФАРИШТА КЎНГИЛ” номли шеърий тўпламлари чоп этилган.
У ўндан зиёд терма баёзлар иштирокчиси,
Ҳалима Ҳудойбердиева номидаги кўкрак нишони соҳибаси,
Халқаро Турон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
2024–2025 йилларда “ДУРДОНАИ ШАРҚ” журналида Халқаро муносабатлар ва таржима бўлими бошлиғи сифатида фаолият юритган.
Зуллисонайн ижодкор. Таржимон.
Шеърлар:
БЎЛМАСА
Дўст юзина боқма тик, тоза юзинг бўлмаса,
Сўз очма севгидан дил роза сўзинг бўлмаса,
На ёрсан, дил ёқмасанг, на зорсан, йўл боқмасанг,
Ҳур ишқла умидли ашк сочар кўзинг бўлмаса.
Дод демако — кўкка боқиб, адашдим деб тутқоқиб,
Кўзгуга муңлиғ боқиб, ҳижр селинда оқиб,
Камтарга камол дерлар, баридин Эгам воқиф,
Сийларми Ҳақ — тоатда қонар бўғзинг бўлмаса.
Чин малак саналмайсан алдамчи суврат билан!
Эҳ, мукаммал саналғайсан пок виждон, сират билан!
Жавобгарсан ҳар юракка кирганинг дам бо меҳр,
Кирма! — Меҳрига жавобан меҳру нозинг бўлмаса!
ЭТМА ЙЎ РОББИМ
Ёрилтошдан хато ёрилган,
Хиёнатга қўрқмай борилган,
Лафзи лафзсизликка қорилган,
Қавмларингдан этма йў Роббим.
Виждони форға остирилган,
Ростлик йўқ! Тили кестирилган,
Одобда кемтик ўстирилган,
Қавмларингдан этма йў Роббим.
Иддао ли шеър, манзумаси,
Сохта салом, чиркин бўсаси,
Дил туби кир, ёрқин юзаси,
Қавмларингдан этма йў Роббим.
Ибодатим йўлин тўсса тиқ,
Бу дўст билан қандай ўсардик,
Миннати бор савобга шерик,
Қавмларингдан этма йў Роббим.
Манглайимда қуёшим кулган,
Ҳамроҳим қил иймонга тўлган,
Лек, илтимос, дилоозор бўлган,
Қавмларингдан этма йў Роббим.
Холиданинг раҳмини енгин,
Шу бандам энг суюклим — дегин,
Қалби бўлса зарра кир лекин —
Қавмларингдан этма йў Роббим.
УЗР СЎРАЙМАН
Бунчалар гўзалсан ҳаёт, аксинг мўл,
Маккор раққоссан-да, турли рақсинг мўл.
Ёлғизга Ҳақ сари ёлғиз оёқ йўл,
Кўрсат. Каж йўлимдан узр сўрайман.
Ҳақ қўлласа қиғос саҳродаги гул,
Жайдари матлабли бўлалар буткул.
Сиқим хатола паст, ҳув оламшумул,
Бас, ўнгу сўлимдан узр сўрайман.
Тасбеҳу Қурондир қўлимдагиллар.
Ҳазрати инсондир йўлимдагиллар.
Роббим, дуоимда дилимдагиллар,
Камтарин дилимдан узр сўрайман.
Лаганбардор кўп-у, қуруқ лаганлар,
Иш тушмаса баъзан ҳол сўрмаганлар,
Аттанг, ишончимга арзимаганлар,
Сизни деб кўнглимдан узр сўрайман.
ОЧИҚ КЎЗЛАР
Тўғри, бироз оғриқли бу дард,
Кўпроқ, дароз.
Чидамлилик шарт!
Кўзларим кеч очилди, аммо
Қонли ашкни кўнглим, ўзинг арт!
Энди, балки сенинг ғалинг келгандир,
Жавобан очмоққа ғаддор дўст кўзин…
Чархӣ фалак сен ён елгандир —
Элсин-ин,
Ўз чоҳига тушсин ёв ўзи!
Энди, уйқунда ҳам юммассан, аниқ,
Кўздан қочирмай деб ноқас юзларин.
Ажабланманг, сўнг йўл чорлаб — хо‘рсиниқ,
Очиқ қолсалар ҳам чироқ кўзларим.
Ажабланманг…
НИЯТДОШГА
Талашмасак терс дунёда улуш тегмайди,
“Чумчуқдан қўрққанлар тариқ экмайди!”
Қувватлан! Соф виждон, соф виждондандир бас,
Бақувват новдани шамол эгмайди.
Юксакликдан қўрққан боқмайди кўкка,
Баланликдан қўрққан тошга чиқмайди.
Пок бўлгай нопокқа жавобан фикрим,
Бандасимас, Ҳақда ўй, хаёл, зикрим.
Ўзидан, ўзгадан қўрқмам — бу ширкки,
Оллоҳдан ўзгага тавалло қилмам.
Қалб номард жон учун жавобан беркдур,
Инсонга энг олий саодат — ЭРКДУР!
Кафтингни дуога очмаганмисан..?
Ноқасдан Ҳақ томон қочмаганмисан..?
Қўрқма! Қўрқсан қўрқ, бас, кир бўлса қалбинг…
Наҳот, мусаффо ҳис сен қучмагандинг?!
Баҳорлар, наҳорлар, тонглар биз билан,
Шарорлар, анҳорлар, бонглар биз билан.
То нурафшон тонгда тоза нафас бор,
Сипқор! Дўст, токи шу онлар биз билан.
Энг пок қалб, тоза виждонлар биз билан!!!
Мавзуга оид бошқа хабарлар

