ЎЗБЕГИМ ҚИЗЛАРИ
Шарму ҳаё, ибо мужассам,
Доим кулиб турар кўзлари.
Кийишади атлас, беқасам,
Ўзбегимнинг гўзал қизлари.
Қўллари гул, тиллари асал,
Ифор сочар босган излари.
Беллашувда ғолибдир ҳар гал,
Ўзбегимнинг сулув қизлари.
Сочларини қирқта ўрарлар,
Қошларига ўсма қўярлар.
Ватанини жондан суярлар,
Ўзбегимнинг лобар қизлари.
Мудом сизга омад бўлсин ёр,
Чирой очинг, бамисол баҳор.
Мадҳингизга шеър битай бедор,
Ўзбегимнинг дилбар қизлари.
ВАТАН
Бу Ватан муқаддас, бу Ватан азиз,
Тупроғинг эъзозлаб кўзга суртамиз.
Сени таърифингга тополмайин сўз,
Бу гўзал Ватанга шеърлар битамиз.
Сен учун жон берганлар қанча,
Юртим деб яшайди дунёда барча.
Амир Темур, Мирзо Улуғбек,
Алишер Навоий, Бобур Мирзодек.
Увайсий, Нодира, Тўмарис сингари,
Халқим деб, элим деб яшаган бари.
Ватаннинг қадрига етинг доимо,
Биз учун яралган асли бу дунё.
ҚОРАТЕПАМДА
Қалби мисоли дарё, кўнгли кенг осмон,
Шоирлар тилида айтайлик достон.
Ҳунарга, билимга берайлик имкон,
Қўллари гул қизлар Қоратепамда.
Шеър ёзади сўзлар маржонин,
Майдонда қизлар меҳнат жавлонин.
Турфа олтинлардан бахтнинг хирмонин,
Зулфиядек шоиралар Қоратепамда.
Бири Тўмарису, бири Гулойим,
Феъллари ипакдек, сўзи мулойим.
Бахтимизга омон бўлсин, илоҳим,
Кўнгли обод қизлар Қоратепамда.
БОЛАЛИГИМ
Болалигим, қайга кетдинг мени ташлаб,
Менинг маъюс кўзларимни бугун ёшлаб.
Сен қайдасан, сени кутиб интизор ман,
Бугун мана сенинг йўлингда зор ман.
Қани энди қайтса ўша болалик,
Адирлари гулга тўлган, лолалик.
Дил дафтарга битдим бугун тўртликлар,
Юракларда қолди ўша битиклар.
Қолиб кетган ишлар ҳали бор эди,
Болаликда шодликлар бисёр эди.
У кунларда дунё бизга кенг эди,
Кунлар тунга, тунлар кунга тенг эди.
ОНАЖОН
Жаннат ҳидли райҳоним, онам,
Менинг жону жаҳоним, онам.
Сиз борсиз-ку, йўқ асло ғамим,
Меҳрибоним, ўзингиз ягонам.
Сочингизга оқлар тушибди,
Биз деб ўйлаб қайғурган сизсиз.
Қўлларингиз қадоқ бўлибди,
Сира тинмай югурган сизсиз.
Суянчиғим, ғамхўрим, онам,
Кўз гавҳарим, нуримсиз, онам.
Сирдошимсиз, меҳрибонигина,
Дилдошимсиз, онажонигинам.
Фарзандларнинг ҳузурин кўринг,
Энди сиз ҳам давронлар суринг.
Отам билан сиз қўшша қариб,
Бахтимизга доим соғ бўлинг.
❤️❤️❤️❤️❤️❤️❤️❤️❤️❤️
Назира Пирмуҳаммедова