ЭСКИ ТИЗИМНИ СОҒИНГАНЛАРГА САВОЛ: ПАРТИЯ РЎЙХАТИГА КИРИШ УЧУН ПУЛ ТЎЛАБ ДЕПУТАТ БЎЛГАН БИЗНЕСМЕНЛАР ХАЛҚҚА ҚАНДАЙ ФОЙДА КЕЛТИРДИ?
Мадумаров айтган партиявий тизим нима эди ўзи? У рўйхатга кириш учун 300 минг сўм эмас, 300 минг доллар тўлаш керак бўлган давр эди-ку! Ҳатто 1 миллион долларгача чиқиши мумкин эди.
Ҳозирги кўп мандатли тизим эса — Президент Садир Жапаров ташаббуси билан жорий этилган ислоҳот. Унинг асосий мақсади — сиёсатдаги “савдогарлик”дан қутулиш ва халқнинг ҳақиқий танловини таъминлаш.
Ҳозир сайловда иштирок этиш ҳуқуқи ҳамма учун тенг. 300 минг сўм қўйиб, халқ олдига чиқсанг — бас. Бу – ҳақиқий демократия.
Қирғизистоннинг сайлов тарихига назар солсак, партиявий тизим орқали ўтган сайловлар энг кўп танқид қилинган. Сабаби – ўша пайтда номзод халқ овози учун эмас, партия раҳбари учун курашарди. Рўйхатда юқори ўринга чиқиш учун 300 минг доллардан 1 миллион долларгача пул тўлангани жамоатчиликка маълум факт. Шундай шартда халқ вакили сайловчининг манфаатини эмас, унга “мандат сотиб берган” раҳбар ёки бизнес гуруҳларнинг манфаатини ҳимоя қилишга мажбур бўларди.
Масалан, Адахан Мадумаровнинг ўзи билан боғлиқ воқеалар. 5 йил аввал унинг партияси рўйхатидан Турсунбой Бакир уулуни “200 минг доллар бер” деб чиқариб юборгани оммага маълум бўлган. Бу биргина мисол, лекин партиявий тизим қай даражада сиёсий бизнесга айланганини яққол кўрсатади.
Эндиликда кўп мандатли тизим ҳақида айтсак:
Ҳар бир номзод мустақил чиқади. Имтиёз йўқ. Кимда билим, тажриба ва халқ ишончи бўлса — ўша ғолиб чиқади.
300 минг сўм гаров — бу номзоднинг масъулиятини кўрсатадиган чек. Лекин бу сумма илгариги миллионлаб долларлик “сотиб олиш” схемаларига нисбатан тамчидек гап.
Энг асосийси — халқ овози ҳал қилувчи бўлади. Илгари партия раҳбарлари кимни олиб киришни ҳал қилган бўлса, энди халқнинг ўзи кимни сайлашни ҳал қилади. Бу демократиянинг асл моҳиятига мос келади.
Номзод партия раҳбарига эмас, ўз сайловчисига таянади.
Энг катта фарқи — партия рўйхатларида “олигархлар” биринчи ўринларда, оддий аъзолар эса четда қолар эди. Ҳозир эса оддий ўқитувчи, шифокор, жамоат фаоли ёки активист ҳам ўз кучига ишониб сайловда иштирок этиши мумкин.
Адахан Мадумаров каби сиёсатчиларнинг партиявий тизимни соғиниши бежиз эмас. Чунки ўша тизим уларнинг чўнтагидан фойда келтирарди. Лекин халқ учун ҳеч қандай фойда бермаган. Ҳозирги кўп мандатли тизим эса халқнинг танловини қадрлайдиган, пул эмас, ишонч ҳал қиладиган янги имкониятларга йўл очмоқда.