

Бугун, 1 сентябрь куни Чўлпон-Ота шаҳридаги «Газпром» соғломлаштириш мажмуасида VI Жаҳон кўчманчилар ўйинларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда VI Жаҳон кўчманчилар ўйинларини ташкил этиш жараёни, спорт ва маданий дастурлар, иштирокчи давлатлар, спортчилар ҳамда хорижий делегациялар учун яратилган шароитлар, шунингдек, Ўйинларнинг халқаро аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбирда Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Улан Маматканов, илм-фан, олий таълим ва инновациялар вазири Гулзат Исаматова, маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Салқин Сарногоева, Жисмоний тарбия ва спорт давлат агентлиги директори ўринбосари Конибек Аширалиев, Туризмни ривожлантириш давлат агентлиги директори Эдуард Кубатов, Жаҳон кўчманчилар ўйинлари Халқаро котибияти раҳбари Нурсултан Аденов ҳамда VI Жаҳон кўчманчилар ўйинлари маданий дастурининг бош режиссёри, Қирғиз Республикаси халқ артисти Олтинбек Максутов иштирок этди.
Анжуман давомида спикерлар Ўйинлар доирасида ўтказилаётган спорт мусобақаларининг ўзига хос жиҳатлари, спортчилар учун яратилган шароитлар, хорижий давлатлар делегацияларининг иштироки ва тадбирларни ташкил этиш масалалари ҳақида маълумот бердилар.
Шунингдек, VI Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг маданий дастури тақдим этилди. Унда қирғиз халқининг миллий маданияти, урф-одатлари, анъаналари, халқ ҳунармандчилиги ҳамда кўчманчи цивилизациянинг тарихий-маданий меросини жаҳон ҳамжамиятига кенг танитишга қаратилган тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари спорт ва маданий дастурлар, иштирокчи мамлакатлар, хавфсизлик чоралари, томошабинлар учун яратилган шароитлар ҳамда ташкилий масалалар юзасидан саволлар бердилар. Масъул раҳбарлар журналистларнинг саволларига жавоб бериб, Ўйинларни ўтказиш билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан батафсил тушунтиришлар бердилар.
VI Жаҳон кўчманчилар ўйинлари Қирғизистонда 31 августдан 6 сентябрга қадар ўтказилмоқда. Дунёнинг турли мамлакатларидан келган спортчилар, ижодий жамоалар, маданият вакиллари ҳамда меҳмонларни бирлаштираётган мазкур Ўйинлар кўчманчи халқларнинг спорт, тарих ва маданият соҳасидаги меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш, шунингдек, халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.