Тезкор интернет лойихаси синовда

Ижтимоий тармоқда баҳам кўринг...

ЭСКИ ТИЗИМНИ СОҒИНГАНЛАРГА САВОЛ: ПАРТИЯ РЎЙХАТИГА КИРИШ УЧУН ПУЛ ТЎЛАБ ДЕПУТАТ БЎЛГАН БИЗНЕСМЕНЛАР ХАЛҚҚА ҚАНДАЙ ФОЙДА КЕЛТИРДИ?
Мадумаров айтган партиявий тизим нима эди ўзи? У рўйхатга кириш учун 300 минг сўм эмас, 300 минг доллар тўлаш керак бўлган давр эди-ку! Ҳатто 1 миллион долларгача чиқиши мумкин эди.
Ҳозирги кўп мандатли тизим эса — Президент Садир Жапаров ташаббуси билан жорий этилган ислоҳот. Унинг асосий мақсади — сиёсатдаги “савдогарлик”дан қутулиш ва халқнинг ҳақиқий танловини таъминлаш.
Ҳозир сайловда иштирок этиш ҳуқуқи ҳамма учун тенг. 300 минг сўм қўйиб, халқ олдига чиқсанг — бас. Бу – ҳақиқий демократия.
Қирғизистоннинг сайлов тарихига назар солсак, партиявий тизим орқали ўтган сайловлар энг кўп танқид қилинган. Сабаби – ўша пайтда номзод халқ овози учун эмас, партия раҳбари учун курашарди. Рўйхатда юқори ўринга чиқиш учун 300 минг доллардан 1 миллион долларгача пул тўлангани жамоатчиликка маълум факт. Шундай шартда халқ вакили сайловчининг манфаатини эмас, унга “мандат сотиб берган” раҳбар ёки бизнес гуруҳларнинг манфаатини ҳимоя қилишга мажбур бўларди.
Масалан, Адахан Мадумаровнинг ўзи билан боғлиқ воқеалар. 5 йил аввал унинг партияси рўйхатидан Турсунбой Бакир уулуни “200 минг доллар бер” деб чиқариб юборгани оммага маълум бўлган. Бу биргина мисол, лекин партиявий тизим қай даражада сиёсий бизнесга айланганини яққол кўрсатади.
Эндиликда кўп мандатли тизим ҳақида айтсак:
Ҳар бир номзод мустақил чиқади. Имтиёз йўқ. Кимда билим, тажриба ва халқ ишончи бўлса — ўша ғолиб чиқади.
300 минг сўм гаров — бу номзоднинг масъулиятини кўрсатадиган чек. Лекин бу сумма илгариги миллионлаб долларлик “сотиб олиш” схемаларига нисбатан тамчидек гап.
Энг асосийси — халқ овози ҳал қилувчи бўлади. Илгари партия раҳбарлари кимни олиб киришни ҳал қилган бўлса, энди халқнинг ўзи кимни сайлашни ҳал қилади. Бу демократиянинг асл моҳиятига мос келади.
Номзод партия раҳбарига эмас, ўз сайловчисига таянади.
Энг катта фарқи — партия рўйхатларида “олигархлар” биринчи ўринларда, оддий аъзолар эса четда қолар эди. Ҳозир эса оддий ўқитувчи, шифокор, жамоат фаоли ёки активист ҳам ўз кучига ишониб сайловда иштирок этиши мумкин.
Адахан Мадумаров каби сиёсатчиларнинг партиявий тизимни соғиниши бежиз эмас. Чунки ўша тизим уларнинг чўнтагидан фойда келтирарди. Лекин халқ учун ҳеч қандай фойда бермаган. Ҳозирги кўп мандатли тизим эса халқнинг танловини қадрлайдиган, пул эмас, ишонч ҳал қиладиган янги имкониятларга йўл очмоқда.
Ўш шаҳар мэрияси “Қаҳрамон аёл» ордени ва “Она шуҳрати” медали номзодларининг аризаларни қабул қилади
Қирғизистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ, Ўш шаҳар мэрияси кўп болали оналарни “Қаҳрамон аёл” ордени ва “Она шуҳрати” медали билан тақдирлаш бўйича аризаларни 2025 йил 15 декабрга қадар қабул қилади. Бу ҳақда шаҳар мэриясининг матбуот хизмати маълум қилди.
“Қаҳрамон аёл” ордени ва “Она шуҳрати” медалини олиш учун тайёрланиши лозим бўлган юридик аҳамиятга эга ҳужжатлар рўйхати:
1. Она яшайдиган ёки ишлайдиган ҳудудий бошқарма ёки муассасадан тўлдирилган мукофот варақаси (форма №2);
2. Онанинг иш жойидан ишлаётгани ҳақида маълумотнома;
3. Онанинг паспорти нусхаси;
4. Онанинг никоҳ тўғрисидаги гувоҳномасининг нусхаси;
5. Фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
6. “Тундук” мобил иловаси орқали ҳар бир бола учун яшаш ёки иш ёки ўқиш жойидан маълумотнома (яшаш жойидан ёки иш жойидан ёки ўқиш жойидан маълумотнома), (боғчага борадиган болалар учун боғчадан маълумотнома талаб қилинади);
7. Хорижда яшовчи ёки ишлаётган болалар учун яшаш ёки иш жойидан маълумотнома ва жиноий жавобгарлик йўқлиги ва судланганлиги йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома;
8. “Тундук” мобил иловаси орқали она учун оила таркиби ва яшаш жойи тўғрисидаги маълумотнома.
Эслатма:
Онанинг фарзандлари вафот этган тақдирда, боланинг ўлими тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхалари ва тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинади.
Агар онанинг ёки боланинг фамилияси ва отасининг исми ўзгарган бўлса, тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари талаб қилинади.
Ҳужжатлар энг кичик бола бир ёшга тўлгандан кейин топширилиши керак.
Нотўғри маълумотни кўрсатувчи фактлар аниқланган тақдирда, Қирғизистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида назарда тутилган чоралар қўлланилиши мумкин.
Илтимос, қуйидагиларга эътибор беринг:
1. “Қаҳрамон она” орденига етти ва ундан ортиқ фарзанди бор оналар тавсия этилади.
2. “Она шуҳрати” медали олти нафар фарзанди бор оналарга тавсия этилади.
Қўшимча маълумот олиш учун кўп болали онанинг рўйхатдан ўтган манзили бўйича Ўш шаҳар мэриясининг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилишни тавсия этамиз.