Шеърият гулшани
Инсон ҳаётда суперқаҳрамон бўлиши шарт емас. Бир инсоннинг сени мукаммал шахс сифатида қабул қила олиши кифоя. У учун ҳамиша ҳаммадан зўр бўлиб келгансан, охиригача шундай бўлиб қолади. Юрагининг шоҳсупасида фақат ва фақат сени кўрган бу зот отадир.
Болалик орзуга тўла юракчаларнинг олтин даври. Унда ҳар бир кичик мақсаддан олам-олам қувонч топиш мумкин. Ёқтирган музқаймоғингни олиб беришлари, янги кийим билан сийлашлари… Биргина сен хоҳлаганингдек бўлмаган иш эса дилингни қанча хира қилиши маълум. Бироқ оталарнинг ҳаёти ундай емас. Отанинг умри барбод ниятлар билан қад ростлаган ғайритабиий иморат кабидир. Ҳа, эшитилиши ғалати туйилар, аммо оталик шундай мақомки, инсон унда қурбонликлар қила бошлайди – ёшлигини, соғлигини, орзуларини ва умрини. Унинг якка орзуси бор, у ҳам бўлса сенинг эзгу ниятларингни амалга ошириш.
Шу кунга қадар бу ҳақда чуқур ўйлаб кўрмаган эканман. Қаршимдаги ёшлигим қўрғони кундан-кунга нураб бормоқда. Қизлар ҳаёти шундай: онам койисалар“Катта қиз бўлдинг ҳали ҳам ёш болага ўхшайсан” дейдилар, отам эса “Ҳали бола-да” деб менга адвокатлик қиладилар. Ёшим қанча улғаймасин, шу икки сўз мени янги туғилган гўдакка айлантириб қўярди. Отам бор экан, мен сира қаримайман дея кулиб қўяман. Лекин бу зотнинг ёшлиги қаерда? Қачон йўқотилди у? Эҳтимол, бу саволга жавобни кўзгудан оларман… У инсоннинг юрагидаги фидокорлик, менга тутилган меҳр гулдастаси шу қадар кучлики, бундай қудратни ҳеч нарса енгиб ўта олмайди.
Ота, кўзларингиз нури сўнибди-ю, фарзанд деб аталмиш “ёшлик ўғрилари”га меҳрингиз сўнмабди. Белингиздан қувват кетибди, лек қалбингиздан бизнинг қалбга кўчувчи мадад кетмабди. Бир мўжиза бўлса-ю, қадри билинмай йўқотилган олтин йилларни пойингизга олиб келардим, ота. Ёдимдан ҳалигача чиқмайди: касал бўлганимда қочган уйқулар, менга янги оёқ кийим олиш учун бозорга борган эски поябзал, кўзларимдан ўқиб, менга олиб келинган ширинликлар – барчаси хотира дафтаримга ўйиб ёзилган хотиралар. Катта бўлиб шуни англаб етяпман, юзингизга чизилган ажинлар, сочингизни бўяган оқбўёқлар рассоми вақт бўлса, унга қалам тутқазган биз эканмиз. Сиз эса бизнинг кулгиларимиздан, шўхликларимиздан, баъзида етказган озорларимизда битмас-туганмас бахт яратиб яшадингиз. Мен сиздан севмоқ ва севилмоқни, қадрламоқ ва қадрланмоқни, ҳиссиз дунёда инсоний туйғулар билан яшамоқни ўргандим. Сиз менинг қалбим, дўстим, устозим, муқаддас падари бузрукворимсиз. Юрагимда капалакдек ҳапқириб учаётган меҳр ҳам исботлайдики, мен сизнинг фарзандингиз эканлигимдан туйган фахр ҳиссини ҳали дунё кўрмаган, Отажон. Мен ҳам сиздаги фахр, қадр, меҳр, садоқат, матонат каби туйғуларга муносиб фарзанд бўлишни ўзимнинг олий вазифам деб ҳисоблайман. Сиз силаган бошимда тож, сиз кўрсатган йўлимда зафар, сиз ўстирган юрагимда дунёнинг бахти бор. Сиз менга меҳр тутдингиз, мен ана шу меҳрдан барпо бўлдим, ёзганларим эса шу меҳрнинг гулдасталаридир…
Ота, юзларингдан нур олмиш офтоб,
Пешона терингдан гуллайди жаҳон.
Ота — матонатдан битилган китоб,
Кўнглингдан кенгликни ўрганар осмон…
Тилло тахтим бордир қара, отажон
Сенинг иссиқ тафтинг тахтим эмасми?
Шоир бўлмоқликмас, аслида дилдан
Сенга шеър ёзмоқлик бахтим эмасми?
Дилноза ЖAББОРОВA,
Ҳалима Худойбердиева номидаги
ижод мактаби 11-синф ўқувчиси,
“Ёш ижодкорлар” тўгараги аъзоси